СУРХОНДАРЁДА “ПАХТА БАЙРАМИ” БЎЛИБ ЎТДИ

Нашир қилинган сана: 12.10.2020

Категория: Янгиликлар

СУРХОНДАРЁДА “ПАХТА БАЙРАМИ” БЎЛИБ ЎТДИ

Деҳқончилик барчамизнинг ҳаётимиз билан узвий боғлиқ бир соҳа. Унинг машаққати, меҳнати қанчалик шарафли эканини, шу билан бирга нони ҳам қанчалик ширин ва тотлилигини кўпчилигимиз, айниқса, миришкор деҳқонларимиз жуда яхши билишади.

Ифода компанияси томонидан мана шундай меҳнатсевар соҳа вакиллари учун жойларда пахта йиғим-терим мавсуми олдидан “ПАХТА БАЙРАМИ” деб номланган тадбир уюштириб келмоқда. Шундай тадбирлардан бири Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани “Нормат Ўрозали” фермер хўжалигида бўлиб ўтди. Унда 100 дан ортиқ фермерлар, кластер раҳбарлари, туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, агрономлар ҳамда компаниянинг масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбир бошланишидан аввал, туман ҳокими бошчилигида хўжаликка қарашли пахта даласига тушиб, “оқ олтин” теримига “старт” берилди. Шундан сўнг учрашувда йиғилганларга Ифода компаниясининг фаолияти, унинг бугунги кунда қишлоқ хўжалигидаги ўрни, эришган ютуқлари ва фермерлар учун қизиқ агрономик маълумотлар гапириб ўтилди. Айтиш мумкинки, компания билан ҳамкорликда фаолият юритаётган хўжаликлар сони бугун 30 минг нафардан ошиб кетган. Шунингдек, “Ифода” маҳсулотлари қўлланиладиган майдонларнинг умумий ҳажми 2,5 млн гектардан ортиқ. 

–  Юртимизда биз, фермерларга яратилаётган имкониятлардан жуда ҳурсандмиз, – дейди “Шохрух Фахриддинович” ф/х раҳбари Очилов Шохрух. – Юртбошимиз “фермер бой яшаши керак” деб айтган эдилар. Лекин ҳосилни оширмасдан туриб, даромадни ҳам кўпайтириб бўлмайди. Ифода компанияси билан ҳамкорлик қилиб, бунга эришиб келмоқдамиз.

Тадбир давомида “Ифода” билан бирга етиштириб, муваффақиятга эришиб келаётган фермерлар, компания таркибида фаол ишлаб келаётган агрономлар ва мутасадди раҳбарларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Учрашув сўнггида йиғилганлар зиёфат дастурхонига таклиф этилди. Эсдалик учун фотосуратларга тушиш ҳам эсдан чиқмади.

Кузатиб бориш

Хизмат маркази

Янгиликлар

Блог

Филиаллар

Аъзо бўлиш: