Ассалому алайкум, қадрли деҳқон ва фермерлар!

Нашир қилинган сана: 28.03.2020

Категория: Янгиликлар

Ассалому алайкум, қадрли деҳқон ва фермерлар!

Дунёда бўлаётган вазиятдан барчамизнинг хабаримиз бор. Коронавирус ҳам бир инсоният бошига келган синов эканлигини яхши тушуниб турибмиз. Инсон саломатлиги нақадар азизлигини шу кунларда чуқурроқ англаёттгандекмиз гўё. Аммо ташвишга тушмаслик, ваҳимага берилмаслик керак. Бу балога қарши ҳукуматимиз бошчилигида барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шу ўринда айтишим керак, компаниямиз давлатимиз томонидан қабул қилинган барча қарорларни, тегишли кўрсатмаларни тўла қўллаб-қувватлайди ва бундай фавқулотдаги ҳолатда доим ҳукуматимиз ёнида эканлигини билдиради. Ҳозирги мураккаб вазиятда ягона чора ҳам шу аслида. Давлатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз ва бунга қатъий риоя этишимиз лозим. Бу нафақат бизнинг саломатлигимиз, балки, келажагимиз учун ҳам муҳимдир.

Мана шундай шароитда майдонга чиққан шифокорларимиз, уларнинг кўрсатаётган жасоратлари таҳсинга лойиқ. Айрим ҳолларда биз қадрига етмаган бундай жонкуяр инсонлар ҳозир барчамизнинг жонимизга оро киришмоқда. Уларнинг зиммасида жудаям масъулиятли вазифалар борлигини, бу вазифалар оғир ва машаққатли эканлигини тушунамиз. Биз ҳам уларни олқишлаймиз ва жамоамиз номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.  

Албатта шу қаторда сиз азизлар – деҳқон ва фермерлар ҳам олқишимизга муносибсизлар. Сиз кечани кеча, кундузни кундуз демай, мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда, аҳолининг соғлом ҳаёт кечиришлари учун зарур маҳсулотларни етиштиришда жон койитмоқдасиз, тер тўкиб меҳнат қилмоқдасизлар. Ҳар куни тонгда яхши ниятлар билан бомдод номозидан сўнг кетмон кўтариб далага отланасиз, халқимизнинг эртанги ризқи учун ўз ҳиссангизни қўшиб келмоқдасиз. Дастурхонимиздаги ноз неъматлар сизнинг иродангиз, сабрингиз ва пешона терингиз самараси, буни яхши биламиз. Айниқса бугунги эпедимиологик вазиятда ҳамма уйда ўтирса, сиз ҳамон даладасиз. Бу ҳам бир жасорат, бу ҳам бир қаҳрамонлик, шундай эмасми? 

Бироқ бундан ҳаволанмаслик, ҳотиржамликка берилмаслик керак. Аксинча бир-биримизни қўллаган ҳолда бирлашишимиз, жипслашишимиз, янада қаттиқроқ меҳнат қилишимиз, меҳнат қилганда ҳам самарали ва сифатли меҳнат қилишимиз керак. Ахир бутун дунёда иқтисодий инқироз, озиқ-овқат етишмовчилиги хавф солиб турган бир пайтда, халқимизнинг эртанги куни қайсидир маънода сизларнинг, бизларнинг қўлимизда.  Шуни чуқур ҳис қилган ҳолда мева-сабзавотларни, боғдорчилик маҳсулотларини, буғдой ва бошқа экинларни экиш, уни парваришлаш, суғориш ва ўғитлаш ишлари, қолаверса, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ишларига жиддий қарашингиз, масъулият билан ёндошишингиз кераклигини сўраб қоламан. Бир нарса аниқки, дунёда коронавирус тарқалган ушбу вазиятда хоҳ у бой ёки камбағал бўлсин, ҳеч ким ҳашамат, мол-дунё ҳақида ўйламайди. Улар соғлик, яшаб қолиш учун озиқ-овқат ҳақида ўйлайди. Бу сизнинг ўрнингиз муҳимлигидан дарак.

Шубҳасиз бу борада сизларга яқиндан кўмак беришга, доим қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Ифода компанияси ҳафтанинг 7 кунида 24 соат ишлайди. Вилоятлардаги 50 нафар агроном доим хизматингизда. Бундан ташқари сизларга янада қулайлик яратиш мақсадида ҳозирги вазиятни инобатга олиб маҳсулотни масофадан туриб буюртма қилиш орқали етказиб бериш хизматини ҳам йўлга қўйдик. Туну кун ишлайдиган (78) 147 05 00 колл-маркази сизларнинг барча саволларингизга мутахассисларимиз жавоб беришади. Шунингдек, зарур маҳсулотларни шу орқли буюртма берсангиз тез фурсатларда уни етказиб беришади. Бундан ташқари телеграм хизмати орқали агромаслаҳат (@ifodaagroconsulting) хизмати ташкил этилган бўлиб, ўсимликларни ҳимоя қилишдаги зарур кўрсатмалар бериб борилади. “Ифода” доим сизлар билан бирга.

Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча миришкорларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Сизларга сиҳат-саломатлик, хайрли ва баракали ишларингизда Аллоҳ мададкор бўлишини тилайман. Ҳосилингиз мўл, топганингиз баракали бўлсин. Беморларимиз шифо топсин. Халқимиз тез орада коронавирус деган бу балодан буткул халос бўлишига ишонаман.  

Ҳурмат билан Қодирбек Мирзамаҳмудов,

“Ифода Агро Кимё Ҳимоя” МЧЖ Бош директори

 

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг:

@ifodaagroconsulting, @ifodapaxtagalla, @bogdorchlilikifoda, @issiqxonaifoda

#ваҳимасизкарантин

#уйдақолинг

Кузатиб бориш

Хизмат маркази

Янгиликлар

Блог

Филиаллар

Аъзо бўлиш: